«ЎЗБЕКИСТОН МАДАНИЯТИ ВА
САНЪАТИ ФОРУМИ» жамғармаси
ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАР ТЕАТРИ


ПРЕСС-РЕЛИЗ

Theatre.UZ/2011» Иккинчи халқаро театр фестивали

2011 йил 17 октябрь куни соат 18.30да кенгқамровли Art Week Style.uz-2011 санъат ҳафталиги доирасида Ўзбекистон Ёшлар театри саҳнасида «Theatre.UZ/2011» иккинчи халқаро театр фестивали очилади. Фонд Форум, Ўзбекистон Ёшлар театри ҳамда «Ўзбектеатр» ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан ташкил этилаётган мазкур фестиваль Берлин “Рус саҳнаси” театрининг япониялик машҳур ёзувчи ва драматург Юкио Мисима асари асосидаги “Ниқоб изҳори” спектакли билан бошланади.
Жорий йилда фестиваль қамрови сезиларли даражада кенгайган бўлиб, унда мамлакатимиз шаҳар ва вилоятлардаги театрлардан ташқари Буюк Британия, Германия, Исроил, Украина, Озарбайжон ва Тожикистон ва  театрлари иштирок этишади. Шунингдек, хорижий театрлар арбобларидан маҳорат дарслари ва иштирокчилар лойиҳалари тақдимотини ўз ичига олган халқаро форум ўтказилади. Theatre.UZ/2011 фестивали ёпилиши анъанага кўра, Art Week Style.uz санъат ҳафталиги доирасида 26 октябрь куни соат 18.00 да Миллий санъат марказида бўлиб ўтади.

Бу йилги фестиваль дастури ўтган йилдагига нисбатан сезиларли даражада кенгайган бўлиб, 10 кун мобайнида Ўзбекистон Ёшлар театри, Академик рус драма театри, Тошкент давлат мусиқали комедия (Оперетта) театри, Республика Ёш томошабиланлар театри, Ўзбек Давлат драма театри, Ўзбек Миллий Академик драма театри, «Дийдор» театр-студияси ҳамда «Туркистон» санъат саройи сингари саҳналарда жами 26 та спектакль намойиш этилади.
Алишер Навоий, Уильям Шекспир, Ганс Христиан Андерсен, Николай Гоголь, Александр Островский сингари жаҳонга машҳур арбобларнинг энг сара асарлари постановкалари театр дастуридан ўрин олган. “Лайли ва Мажнун”, “Медея”, “Бальзаминовнинг уйланиши”, Сулаймон Юдаковнинг машҳур “Майсаранинг иши” ўзбек комик операси сингари спектакллар санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этилади. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий театрларнинг ҳамкорликдаги лойиҳалари ҳам намойиш этилиб, Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигида Ф. Людвигнинг “Эгизаклар” лойиҳаси, Ўзбекистон-Британия ҳамкорлигида У. Шекспир ва А. Навоий асарлари асосида ишланган “Қисса йўқдир бундан маҳзунроқ...” постановкаси ҳамда Симферополь Қрим-татар академик мусиқали драма театри ва Ўзбекистон Миллий академик театрининг (Украина-Ўзбекистон) «Ёлғиз юлдуз» спектакли шулар жумласидандир. Мазкур фестиваль репертуари ранг-баранг бўлиб, унинг боқий мавзуларга бағишланган турли жанрдаги спектакллари чуқур маъноли, ҳатто энг инжиқ мухлисга ҳам  таъсир эта олади. Бу йил ўзбек, рус, озарбайжон, иврит тилларидаги спектакллардан ташқари сўзсиз постановкалар ҳам тақдим этилади.
«Theatre.UZ/2011» иккинчи халқаро театр фестивали доирасида театр постановкаларидан ташқари Ўзбекистон Ёшлар театри, Давлат Санъат институти ва Эстрада-цирк колледжида Буюк Британия, Германия ҳамда Исроил театрларидан маҳорат дарслари ўтказилади. Ўзбекистон Миллий матбуот марказида эса «Жаҳон театр жараёнида Марказий Осиё театрлари роли ва ўрни. Йигирма йиллик эркин театр ривожланиши натижалари» мавзусида халқаро форум  ўтказилиб, унинг доирасида маҳалий ва хорижий вакиллар лойиҳалари тақдимотлари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Фонд Форум асос солинган вақтдан бошлаб театр санъатини ривожлантириш, ўзбекистонлик санъат арбобларининг хорижий ҳамкасблари билан маданий муносабатларини янада яхшилашга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, жамғарма бир неча бор маҳаллий театр жамоаларининг халқаро фестиваль ва танловларда иштирокини таъминлашга ҳисса қўшган, хорижга гостроль сафарлари уюштирган ҳамда пойтахтимизда халқаро театр лойиҳаларини ўтказишга бош-қош бўлган.